«Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020-йил 1-майдан:

– давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга Республика халқ табобати илмий-амалий маркази (Республика маркази);

– тиббиёт ОТМларида ва Aбу Aли ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ табобатини ривожлантириш марказлари (Ҳудудий марказлар) ташкил этилади.

Республика марказининг асосий вазифаларидан бири халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг самарадорлигини таҳлил қилиш ва ўрганишдан иборат.

Республика маркази Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташкилий тузилмасига киради ва унга ҳисобдор бўлади.

Республика марказига соғлиқни сақлаш вазири томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Ҳудудий марказларда ўқитиш соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари бўйича пуллик асосда амалга оширилади, ўқитиш қийматининг миқдори Республика маркази томонидан белгиланади.

Ҳудудий марказларнинг битирувчиларига халқ табобати бўйича малака оширганлик тўғрисида расмий ҳужжат деб тан олинадиган белгиланган шаклдаги сертификат берилади.

Халқ табобати бўйича мутахассисларни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларга Вазирлик томонидан тасдиқланадиган шаклдаги халқ табобатининг тегишли йўналишларида фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади.

2020-йил 1-майдан туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасидаги давлат кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларида халқ табобати хоналари очилади, деб хабар беради Aдлия вазирлиги матбуот хизмати.

www.pv.uz

ЖАВОБНИ ҚОЛДИНИНГ

Илтимос, шарҳингизни киритинг!
Илтимос исмингизни бу эрга киритинг