Жаҳонда бугунги кунда соғлиқ шунчаки бойлик эмас, балки улкан салоҳият, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг бош ҳаракатлантирувчи кучи, давлат қудратининг кўрсаткичи деб қаралади. Аҳолининг айниқса, ёш авлоднинг саломатлиги – замонавий давлатнинг табиий ресурсларидан ҳам бебаҳо ва қимматли бўлган бойлиги ҳисобланади. Зеро, фақат соғлом аҳолига эга бўлган мамлакатгина кучли ва қудратли бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳам ўтган икки йил мобайнида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини бошқаришнинг ягона тизимини яратиш, тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва соғлом авлодни шакллантириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республиксининг Президенти Ш. Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, унинг бошланғич бўғини ҳисобланган шошилинч тез тиббий ёрдам ва касалликлар профилактикасини замонавий даражага кўтариш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жамиятда тиббий маданиятни ошириш масалаларига ҳамда соғлиқни сақлаш хусусий секторининг барқарор ривожланишига, хусусий тиббиётга хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассисларни жалб этишни кучайтиришга, хусусий тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантиришга, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга, айниқса тадқиқотимиз объекти бўлган халқ табобатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, эришилган ютуқлар билан бир қаторда ушбу соҳада соғлиқни сақлашни самарали ислоҳ қилишга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия мавжуд эмаслиги о қибатида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар тўлиқ бўлмаган шаклда ва тизимсиз тарзда амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлашни бошқаришнинг хорижий мамлакатларда қўлланилаётган муваффақиятли тажрибаси ва аниқ инновацион моделлари лозим даражада ҳисобга олинмаётганлиги сабабли тиббиёт соҳасига инвестицияларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бермаяпти.

ЖАВОБНИ ҚОЛДИНИНГ

Илтимос, шарҳингизни киритинг!
Илтимос исмингизни бу эрга киритинг