Бугунги кунда бир қатор мамлакатларда замонавий тиббиёт ва халқ табобати интеграциялашуви концепцияси оммалашмоқда ҳамда интегратив медицина келажак медицинаси бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Профессор Умберто Солимененинг фикрича, анъанавий халқ табобатини ўзида мужассамлаштирган, интеграциялашган медицина – келажак медицинасидир.

Мамлакатимизда замонавий тиббиёт билан бирга халқ табобатини уйғунлашган ҳолда олиб бориш масалаларининг аҳамияти хорижлик олимларнинг илмий ишларида ҳам қайд этиб ўтилган. Хусусан, немис олими Софи Хохманн ўзининг “Миллий ўзлик ва анъаналарнинг тикланиши: собиқ Совет Ўзбекистонида анъанавий тиббиётнинг йўлга қўйилиши” номли мақоласида Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида туб ислоҳотларни самарали амалга ошириш билан бир қаторда инсон саломатлиги, соғлиги ва умр узайишини амалга оширишда “муқобил” тиббий амалиётни ривожлантиришга эътибор қаратиши лозимлиги тўғрисида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтган. Унинг фикрича, шу мақсадда Ўзбекистонда давлат томонидан халқ табобати ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ва тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда замонавий тиббиёт билан халқ табобатини уйғунлигини таъминлаш долзарб масаладир.

М.Сакснинг юқорида қайд этиб ўтилган фикрларидан фарқли ўлароқ, унинг ватандоши У.Шарма халқ табобати оммалашуви ва ўсишининг иқтисодий ва сиёсий жиҳатларига эътибор қаратади. Бунда у 1980 йилларнинг ўрталарида Буюк Британияда юзага келган вазиятни, яъни аҳолининг ўрта қатлами даромадларининг ошиши ҳамда хусусий тиббиётга қизиқишнинг ортиши туфайли халқ табобатининг қайта тикланиши юзага келганлигини назарда тутади. Буюк Британияда халқ табобатининг сиёсий жиҳатдан қўллаб қувватланганлиги асносида ушбу масала бўйича махсус парламент гуруҳи шакллантирилган. Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳам ушбу соҳани назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича янги лавозим ва йўналишлар таъсис этилган. Ўз навбатида, шаҳзода Чарльз халқ табобатини қўллаб-қувватлаш мақсадида расмий қарор ҳам қабул қилган. Юқорида қайд этиб ўтилган чора-тадбирлар ўз навбатида ушбу мамлакатда замонавий тиббиёт ва ҳалқ табобатининг уйғунлашишига ва бу борадаги тадқиқотларнинг янада кенгайишига туртки бўлган.

Тиббиётнинг турли тизимлари ўртасидаги интеграциянинг зарурлигини ЖССТ собиқ Бош директори доктор Маргарет Чен ҳам кўрсатиб ўтган Унинг . фикрича, тиббиётнинг ҳар иккала тизими, яъни халқ табобати ва замонавий ғарб тиббиёти ўзаро зиддиятга киришмаслиги керак. Бирламчи тиббий ёрдам таркибида ҳар бир тизимнинг энг яхши имкониятларидан фойдаланиш ва уларни муайян камчиликларни бартараф этиш имконини берадиган тарзда уйғун ва самарали тарзда бирлаштириш мумкин. Маргарет Чен бу ўз-ўзидан содир бўлмаслигини, албатта, бунинг учун сиёсий даражада қарор қабул қилиш лозимлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, айнан шу ҳолатда касалликларни даволаш соҳасида юзага келаётган муаммоларни самарали ҳал этиш ва аҳоли саломатлигини таъминлашда юқори натижаларга эришиш мумкин бўлади”.

ЖАВОБНИ ҚОЛДИНИНГ

Илтимос, шарҳингизни киритинг!
Илтимос исмингизни бу эрга киритинг