Бугунги кунда дунёда фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва касалликларни олдини олиш борасида замонавий юқори технологияларга асосланган даволаш усулларининг ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бораётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Йиллар ўтган сари, техника тараққиёти ривожланди, ҳар хил турдаги касалликларга даво топилди. Бу изланишлар ҳозирда ҳам шиддат билан давом этмоқда. Айни пайтда сунъий кимёвий унсурларнинг инсон организмига етказаётган зарари бениҳоя кўп эканлиги, экологиянинг бузилиши, фуқароларда доимий танглик (стресс) ҳолатларнинг кўпайиши, соғлом турмуш тарзига амал қилмаслик кабилар натижасида турли касалликларнинг сони ортиб бормоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун расмий тиббиётнинг имкониятлари ожизлик қилмоқда. Шу жиҳатдан олганда, аҳолининг соғлиғини самарали ҳимоя қилишда Ю.Н.Ермолаева ва А.А.Кассамединовлар тўғри қайд этиб ўтганидек, асрлар оша инсоният тажрибасидан ўтиб, сайқалланиб, авлоддан авлодга ўтиб келаётган халқ табобатидан (даволаш усулларидан) самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги янада яққол намоён бўлмоқда. Мамлакатимизда ҳал қилинмаган ва ўз ечимини йиллар давомида кутаётган муаммолар орасида “тиббий хизмат”, “халқ табобати”, “халқ табобати усуллари”, “халқ табобати дори воситалари” “табиблик фаолияти” билан боғлиқ масалалар мавжуд. Бунда, энг аввало, ушбу тушунчалар нимани англатади? Хал қ табобатига нималар киради ва нималар кирмайди?, жамиятда халқ табобати қандай аҳамиятга эга?, Халқ табобати замонавий илмий тиббиётдан нимаси билан фарқ қилади?, одамлар нега ва қачон халқ табобатига мурожаат қилади?, халқ табиби замонавий шифокордан ва сохта табибдан нимаси билан фарқланади?, мазкур фаолият билан кимлар шуғулланиши мумкин?, деган ҳақли саволлар туғилади.

Айни пайтда қайд этиб ўтилган масалалар фанлараро характерга эга бўлиб, узоқ йиллар давомида нафақат тиббиёт соҳаси вакиллари орасида, балки файласуфлар, этнографлар, психо логлар, социологлар, ҳуқуқшунослар ва бошқа соҳа вакилларининг баҳс мунозараларига сабаб бўлиб келмоқда. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳатто тиббиёт соҳаси вакиллари ўртасида ҳам халқ табобати тўғрисида ягона нуқтаи-назар шаклланмаган. Замонавий ғарб тиббиёти вакиллари тиббий фаолият билан фақат маълум бир тиббиёт олийгоҳларида ўқиб таълим олганлиги тўғрисида ҳужжатга (диплом) эга бўлган мутахассисларгина шуғулланиши мумкин, деб ҳисоблайдилар.

Халқ табобати ва замонавий тиббиёт ўртасидаги фарқ борасида айрим олимлар халқ табобатида ёзма манбалар мавжуд эмас, унинг сирлари оғзаки тарзда авлоддан авлодга мерос тариқасида ўтиб келади, бу борадаги ахборотнинг бутун мажмуи тўли қ ёки тавсифланган ягона тизимга эга эмас, деб ҳисоблайдилар7. Шу билан бирга, халқ томонидан ижод қилинган тиббий билимларнинг элементлари замонавий тиббиёт шаклланишида ва амалиётда қўлланилаётганлигини инкор қилиб бўлмайди. Замонавий тиббиёт қоидалари ҳар доим ёзма манбаларда қўлланмалар кўринишида ёзилган. Баъзи жойларда эса бу тиббиёт тизимлари давлат динининг таъсир доирасига киради. Даволаш махсус мактабларда, махсус малакали шахслар томонидан амалга оширилади, бундай амалиёт улар учун касб ҳисобланади.

Яна бир фикр тарафдорлари халқ табобати ва замонавий тиббиётнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Гарчи табибларнинг тиббий маълумот тў ғрисидаги дипломи бўлмасада, даволаш билан боғлиқ ноёб қобилият авлоддан-авлодга ўтади ва табибларнинг шахсий тажрибаси асосида такомиллаштирилиб борилади, деб ҳисоблайдилар. Англиялик олим М.Сакс расмий тиббиёт билан муқобил (ҳалқ табобати) тиббиёт биргаликда, уйғунликда ривожланиши лозим, деган фикрни илгари суради. Муаллиф бундай уйғунликнинг афзаллигини бир қатор омиллар билан асослашга ҳаракат қилади. Табобат илми ҳақида гап кетар экан ўз-ўзидан Абу Али ибн Сино сиймоси кўз ўнгимизда гавдаланади. Унинг мероси бутун дунёда, нафақат халқ табобати, балки замонавий тиббиётда ҳам фундаментал манба ҳисобланади. Бироқ, бугунги кунда мамлакатимизда халқ табобати ва замонавий тиббиёт ўртасида каттагина тафовут вужудга келганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Дунё халқлари орасида, хусусан, Ўзбекистонда ҳам, халқ табобати амалиётда кенг жорий қилинган, бироқ, миллий қонунчилигимизда ушбу тушунчага ҳанузгача ҳуқуқий таъриф ишлаб чиқилмаган. Яна тўғрироғи ушбу соҳадаги ижтимоий муносабатлар деярли тартибга солинмаган. Энг ачинарлиси, қомусий олим, буюк табиб, жаҳонда тиббиёт илмининг асосчиси дунё фанида “Авиценна” номи билан танилган Абу Али ибн Сино туғилиб, ижод қилган юртда “халқ табобати” тушунчаси ҳатто Ўзбекистон миллий энциклопедиясига ҳам киритилмаган. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида соғлиқни сақлаш соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқишга масъул бўлган шахслар, соҳадаги мутахассислар ва кенг жамоатчилик томонидан тиббий хизмат ушбу шаклининг хавфсизлиги, самарадорлиги, сифати ва арзонлигини инобатга олиб, уни асраб-авайлаш, замонавий билимлар билан бойитиш ва келажакда янада ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.

Шунинг учун, ушбу соҳадаги сиёсатни ишлаб чиқиш, унинг хавфсизлиги, сифати, самарадорлигини ҳуқуқий баҳолаш ҳамда аҳоли саломатлигини асрашда халқ табобатидан оқилона фойдаланиш каби муаммоли масалаларни ҳал этиш мақсадида авваламбор, халқ табобати тушунчасининг мазмунини, унинг асосида эса халқ табобатининг ҳуқуқий таърифини ишлаб чиқиш зарурияти юзага келди. Шунингдек, ушбу масалаларга жавоб беришда биринчи қарашда ҳуқуққа дахлдор бўлиб кўринмайдиган, лекин ҳалқ табобатининг мазмунини ташкил қиладиган асосий таълимотлар ва атамаларнинг моҳиятини таҳлил қилиш зарур бўлади.

ЖАВОБНИ ҚОЛДИНИНГ

Илтимос, шарҳингизни киритинг!
Илтимос исмингизни бу эрга киритинг