Инсон ҳаёти учун зарур соҳалардан бири – фуқароларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғини асраш ва мустаҳкамлашга қаратилган соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш масалалари ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва бошқа чора-тадбирлар мажмуи сифатида давлат ички сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Аҳоли саломатлиги ҳақида қайғуриш давлатлар сиёсатининг инсонпарварлик моҳиятини ташкил этар экан, бу миллат генофондининг сақланиши, аҳолининг фаровон яшаши, оилалар мустаҳкамлиги, келажак ворислари бўлмиш ёш авлоднинг маънавий ва жисмоний баркамол бўлиб вояга етишини ифода этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Биз учун энг катта бойлик бўлган аҳоли саломатлигини сақлашга оид конституциявий нормалар ижросини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиши лозим” деб таъкидлаган эди. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40 – моддасида “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга” деб қайд этилган бўлсада, ҳали ушбу конституциявий норманинг ижроси билан боғлиқ талай муаммолар борлиги яққол сезилмоқда. Буни 2017 йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Бугунги кунда биронта ҳам ҳудудда соғлиқни сақлаш тизими аҳоли учун муносиб хизмат қиладиган даражада ташкил этилган, деб айта олмаймиз” деб айтган фикрлари ҳам тасдиқлайди.

Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш Президентимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Охирги йилларда тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарор қабул қилинди. Булар орасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш, халқ табобатида қўлланиладиган шифобахш гиёҳларни мамлакатимизда етиштириш ва қайта ишлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, ота-боболаримизнинг асрлар давомида тўплаган тиб илмига оид билим ва тажрибаларини ўзида мужассам этган ва илмий амалий мерос сифатида эътироф этилган “Халқ табобати”, бебаҳо маънавий бойлик сифатида халқимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эгадир. Олис ота-боболаримизнинг ақл-заковати, қалб-қўри маҳсули бўлмиш бу ноёб мероснинг замон тало-тўпларидан, қанча-қанча оғир синовлардан ўтиб, сайқалланиб, бизнинг давримизгача етиб келганлигининг ўзида катта маъно мужассам. Ана шундай бой илмий амалий меросни замонавий билимлар билан бойитиб, авлоддан-авлодга ўтишини таъминлаб келаётган табибларимизнинг фаолияти бизни бугун ҳам ҳайратда қолдиришига яна бир карра амин бўламиз. Мисол учун, халқ табобатининг айрим ноёб усуллари бугунги кунда замонавий тиббиёт тизими олдида мураккаб бўлиб туюлаётган касалликларни даволашда самарали натижа бераётганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз.

Ўзбек халқ табобатини мамлакатимиз тиббиёт тизимида расман тан олиниши ва табибларимизнинг ҳуқуқий мақомини белгиланиши бизнинг бугунги маънавий қиёфамиз билан нақадар узвий боғлиқ, нечоғлик мустаҳкам ҳаётий асосга эга эканлиги билан аҳамиятлидир.

ЖАВОБНИ ҚОЛДИНИНГ

Илтимос, шарҳингизни киритинг!
Илтимос исмингизни бу эрга киритинг