Аллоҳ кўз нурига жуда катта қудратни жо қилиб қўйганига шак-шубҳа йўқ. Нигоҳ инсоннинг қалби ҳақида унинг тилидан, амалидан ҳам кўпроқ нарсани айтиб туради. Шодликни, меҳрни, ғазаб ва нафратни ҳам кўздан олийроқ ифодаловчи воситани билмайман. Ҳатто бировни нигоҳингиз билан ёнингизга чақиришингиз ёки ёнингиздан ҳайдашингиз мумкин. Инсоннинг бағрикенглиги ҳам, ҳалоллиги ҳам, ростгўйлиги ҳам, худди шунингдек носамимийлиги ҳам, қўрқоқлиги ва ҳасадгўйлиги ҳам кўзида акс этиб туради. Нигоҳнинг, назарнинг бу сифатлари албатта Аллоҳдан.

Турли хил руҳий қувватга, ғайриоддий қобилиятга эга бўлган одамлар қатори назари ўткир кишилар ҳақида ҳам ҳаммамиз эшитганмиз, ўқиганмиз, баъзиларини эса ўзимиз кўрганмиз. Улар қалбларининг қандайлигига қараб ўз қобилиятларини ё эзгулик, ё ёвузлик йўлига хизмат қилдирадилар. Кўпчиликнинг турли дардларга йўлиқиши, моли жонига зарар етиши баъзи “ноёб қобилиятли”ларнинг хизмати бўлиб чиқадики, бунинг сабабчиларини биз кўпда билавермаймиз. Ана шундайлардан бир тоифаси ёмон назарли кишилардир.

Бировлар борки, кўз тегибди, деса “Э, шуям гапми”, деб эътибор бермайди, бировлар эса шамолласа ҳам, боласининг ичи кетса ҳам, оёғига яра чиқса ҳам кўз тегишига йўяди. Инсон бу икки хил қарашга ҳам берилиб кетмаслиги керак. Кўз тегишини қуруқ ваҳима дейдиганлар руҳий таъсирлардан бехабар, одамлардаги ғайритабиий сифат ва хислатлар ҳақида тасаввури йўқ, ўз билганидан қолмайдиган кишилардир. Лекин ҳар бир ҳодиса-ю дардни кўз тегишидан деб биладиганлар – доим ваҳимаю гумонлар билан ўйлайдиган, оддий нарсаларни катталаштириб кўрувчи, беқарор, шубҳада юрувчи одамлардир. Аслида шайтон бундай инсонларни ўзларига касал қилиб кўрсатади, турмушида, яқинлари орасида бўладиган муносабатларга фақат “кўз тегиши” деб қарашга машғул қилиб қўяди. Шунинг учун ўз соғликларига қарамаслик, омадсизликлари, дангасаликлари оқибатида келиб чиқадиган муаммоларни бошқа нарсаларга боғлаб, ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатишга одатланиб қоладилар.

Аммо ҳаётга оқилона назар ташлайдиган, кўз тегишини инкор ҳам қилмайдиган ёки унга бутунлай берилиб кетиб, ҳамма нарсани шунга боғламайдиган, шунинг билан бирга кўз тегишидан эҳтиёт бўлиб юрадиган, мабодо кўз теккан бўлса, оқилона йўллар билан давосини қиладиганлар ҳам бор. Менимча, инсон ўзини мана шу тоифа меъёрида тутиб юргани афзал.

Кўз тегишининг борлигини бошқа халқлар, миллатларнинг вакиллари ҳам, уларнинг оқилу доно кишилари, табиблари ҳам тасдиқлайдилар. Динимизда ҳам бу ҳақда ҳадису ривоятлар орқали қанчадан-қанча таълимотлар етиб келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ҳадис ривоят қилинади:

“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз тегиши ҳақдир”, дедилар. Ривоятларда келтирилишича, мушриклар Қурайш қабиласида кўзи бор бир кишини олиб келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга ёмон кўз билан қаратиб зарар етказмоқчи бўлганлар. Шундоқ кўзли одамлар Бани Асад қабиласида бўлар экан.

Агар улардан бирортаси семиз туяни кўрганда ёмон кўз билан қараб қўйиб, «Ҳой қиз, идишни олиб бориб манавининг гўштидан олиб кел», деса, туя тезда касал бўлиб йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди», деганлари ҳам шунга ўхшаш нарсаларнинг бўлиши мумкинлигини тасдиқлайди.

Кўз тегишини ёлғон деб қаровчиларга бундан ортиқ далилнинг ҳожати бўлмаса-да, Қуръони каримда Яъқуб алайҳиссалом тилидан кўз тегишига келган ишорани ҳам эслатмоқчиман. У киши ўғилларига бирор зиён-заҳмат етишидан қўрқиб айтган эди:

«Эй ўғилларим, (Мисрга) бир дарвозадан кирманглар, балки бошқа-бошқа дарвозалардан киринглар! Мен сизлардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм ёлғиз Аллоҳнинг измидадир. Мен фақат У зотнинг Ўзига таваккул қилганман-суянганман. Барча таваккул қилувчилар Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар-суянсинлар» (Юсуф: 67).

Қизиғи шундаки, ўзларининг “кўзи борлигини” кўпчилик одамлар биладилар. Уларнинг айримлари бирор киши ёки нарса ҳақида мақтаб гапирса, кетида “Суф-суф кўз тегмасин” деб қўйиш билан ёинки буюрилган дуолардан ўқиб ўз назарларидан бошқани муҳофаза қиладилар. Бир қисми эса ўзининг назари “ўткирлиги”дан ғурурланиб, бошқаларга етказган дарду зарарларидан завқ қилиб юрадилар. Бошқа бир тоифа кўзи тегадиганлар борки, улар ўзларида “кўз тегиш” хусусияти борлигини мутлақо билмайдилар. Атрофдагилар билан мулоқотлардан уларга бирор зарар тегса “кўзим тегмабдимикан” деб мулоҳаза қилмайдилар.

Кўзи тегадиган одам баъзан бировга ёки бирон нарсага албатта яқиндан туриб тикилиб қараши шарт эмас. Унга бирон кишининг омадини, чиройини ёинки бирон нарсани мақтаб таърифласангиз шу гапларни дилида суқ, ёмонлик назари билан қабул қилса ҳам кифоя.

Аслида ҳар қандай кўз тегишининг асосида кучли ё кучсиз ҳолда бўлган ҳасад ётади. Ғаззолий ўзининг “Обидлар йўли” номли асарида ҳасадни шундай таърифлаган:

«Ҳасад, Оллоҳ томонидан ҳар қандай мусулмонга берилган фойдали неъматларнинг завол топишини истамакдир. Агар заволини истамай, ўзига ҳам ўша неъматдан тиласа, гуноҳ эмас.»

Инсон ҳасад билан эмас, ҳавас, яхши ният билан яшаши лозим. Мисол учун, бировнинг фарзанди олий ўкув юртига ўқишга кирганини эшитса, “Ў-ў қандай кирибди?”, деб эмас, “Бизнинг болаларимизга ҳам насиб қилсин”, деб ният қилинса қандай яхши. Пайғамбаримиз даврларида одамлар ўзларини ажаблантирадиган, хурсанд қиладиган бир нарсани кўрсалар ёки эшитсалар, хабар топсалар кўз тегмасин деган мақсадда: “Машаллоҳу, ла қуввата илла биллаҳи” (Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада қувват йўқ) дер эканлар.

Киши бировларга зарари тегиб қолишидан ҳам ўзини ана шундай дуолар билан ҳимоя қилгани маъқул. Чунки ҳали эслатганимиз ҳасад суқланишга олиб борадиган йўл ҳисобланади. Тўғри, ҳар бир ҳасад қилган одам ҳам кўзи тегувчи ёки суқланувчи бўлиб қолмайди. Аммо ҳасад қилаётган ва суқланаётган одам кўп ҳолларда ўзини идора қилолмайди ва кўз тегиши ундан беихтиёр содир бўлади.

Баъзан суқланаётган одам ўзи яхши киши бўлса ҳам, кўпинча қасд қилмаган ҳолда ўзининг яқинларига, ҳатто ўз боласи ёки ота-онасига ҳам зарар етказиб қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам кўз тегишидан сақланувчилар ҳам дуолар билан ўзларини асраб юришлари керак. Ҳадислар ва уламоларнинг турли зикрлар жамланган китобларида кўз тегиши, ундан сақланиш ҳақида мисоллар билан қулай қилиб ёзиб қўйилган дуолар мавжуд. Аллоҳ таоло инсонни ана шу дуолар туфайли дарду балолардан асрайди.

Орзигул БОБОЖОН қизи,

Ўзбекистон Халқ табобати ассоциацияси аъзоси

«7 Мўжиза» 2020 йил 29 октябрь 24-сон. (624)