Республика халқ табобати илмий-амалий маркази ва Халқ табобатини ривожлантириш марказлари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қайд этилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Халқ табобати соҳасидаги 2014-2023 йилларга мўлжалланган стратегия амалга оширилмоқда. Унинг мақсади қуйидаги йўналишларда аъзо мамлакатларни қўллаб-қувватлашдан иборат:

саломатлик, осойишталик, инсонларга қаратилган тиббий санитар ёрдам кўрсатишни таъминлаш, тиббий-санитария хизматлари сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш хизматлари билан ялпи қамраб олишни кенгайтириш ҳамда истеъмолчиларга ўз соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиш борасида онгли танлов учун имкониятлар яратишда халқ табобатининг салоҳиятидан фойдаланиш;

меъёрлар ва қоидаларни белгилаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда халқ табобати маҳсулотлари ва амалиётини соғлиқни сақлаш тизимига интеграциялаш, кадрлар малакасини ошириш, даволаш кўникмалари, хизматлари ва усулларини такомиллаштириш йўли билан халқ табобатини хавфсиз ва самарали қўллашга лозим даражада кўмаклашиш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, “Табобат” академияси ва манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар президентнинг 2021-2025 йилларда Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепциясини мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) ҳамда уни амалга оширишга доир йиллар бўйича “Йўл харитаси” билан биргаликда тасдиқлашни назарда тутувчи қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ушбу Концепцияни ишлаб чиқишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг президентнинг 2018 йил 7 декабрдаги ПФ–5590-сон фармони билан тасдиқланган ва ҳозирда амалга оширилаётган 2019-2025 йилларда Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси билан узвий боғлиқлиги;

аниқ механизмлар ва босқичларни кўрсатган ҳолда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқ табобати соҳасидаги 2014-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясида назарда тутилган тавсиялар ва таклифларни амалда бажариш;

Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Вьетнам, Франция, Россия ва бошқа мамлакатларнинг халқ табобатини ривожлантириш борасидаги илғор институционал тажрибасини, шу жумладан, жойига бориб кенг ўрганиш;

ўтказилган таҳлиллар ва тадқиқотлар асосида халқ табобати воситалари ва усулларининг сифати ҳамда хавфсизлигини тартибга солишнинг институционал механизмларини ишлаб чиқиш, шунингдек, унинг асосий йўналишларини ривожлантириш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон халқ табобати ассоциациясининг 2020 йил 1 майдан:

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга Республика халқ табобати илмий-амалий маркази;

тиббиёт олий таълим муассасаларида ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида кўрсатилган молиялаштириш манбалари билан юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ табобатини ривожлантириш марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қуйидагилар Республика марказининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

халқ табобати усулларидан, шу жумладан, ўзбек халқ табобатининг тарихий анъаналари ва ўзига хос меросидан фойдаланган ҳолда касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш, шунингдек, бошқа тиббий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини таҳлил қилиш ва ўрганиш;

халқ табобатининг асосий йўналишларини (фитотерапия, акупунктура, аюрведа, гомеопатия, йога, моксотерапия, натуропатия, остеопатия, термал тиббиёт, хиро-амалиёт, цигун ва бошқалар) ривожлантириш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашда ва замонавий тиббиётда уларни қўллаш бўйича ўқув-методик адабиётлар тайёрлаш;

халқ табобатини касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш масалаларида замонавий тиббиётга интеграциялаш бўйича, шу жумладан, илмий-тадқиқот ва лаборатория тадқиқотлари ўтказиш орқали таклифлар тайёрлаш;

халқ табобатида фойдаланиладиган ўсимликларни ўстириш ва ўсимлик кўринишида бўлмаган хомашё тайёрлашни, ушбу йўналишда лаборатория ва илмий тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш, шунингдек, халқ табобатида энг кўп ишлатиладиган ўсимликлар ва хомашёни ўстиришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

халқ табобати бўйича мутахассисларни, тиббиёт ходимларини ва тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларни Ҳудудий марказларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

фуқаролар саломатлигини таъминлашда халқ табобатининг ролини ошириш борасидаги муаммоларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш юзасидан илмий-тадқиқот муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

хорижий мамлакатларнинг халқ табобати вакили бўлган ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилиш, мамлакатимизда халқ табобатини янада ривожлантириш масалалари бўйича биргаликда анжуманлар, форумлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш.

Белгиланишича:

Республика маркази халқ табобати соҳасида бош муассаса, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси эса ушбу соҳада мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича клиник база ҳисобланади;

Республика маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташкилий тузилмасига киради ва унга ҳисобдор бўлади;

Республика марказига соғлиқни сақлаш вазири томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

Республика маркази директори меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Вазирлик бош бошқармасининг бошлиғига тенглаштирилади;

Республика маркази Вазирликнинг илмий-амалий, тадқиқот ва бошқа муассасаларини оптималлаштириш ҳисобига тўлдирилади;

Ҳудудий марказлар Республика марказининг жойлардаги бўлинмалари ҳисобланади, Республика маркази уларга методик раҳбарлик қилади ва фаолиятини мувофиқлаштиради;

Ҳудудий марказларда ўқитиш Вазирлик томонидан тасдиқланган, Республика маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ва “Табобат” академияси томонидан ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича пуллик асосда амалга оширилади;

Ҳудудий марказларда ўқитиш қийматининг миқдори Республика маркази томонидан белгиланади;

Ҳудудий марказларга тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Вазирлик томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Ҳудудий марказларнинг битирувчиларига халқ табобати бўйича малака оширганлик тўғрисида расмий ҳужжат деб тан олинадиган белгиланган шаклдаги сертификат берилади;

халқ табобати бўйича мутахассисларни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларга Вазирлик томонидан тасдиқланадиган шаклдаги халқ табобатининг тегишли йўналишларида фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади;

Ҳудудий марказларнинг директорлари Республика маркази директори томонидан лавозимга тайинланади;

Ҳудудий марказларда ўқитувчилик фаолиятига тиббиёт ва фармацевтика олий таълим муассасалари ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларининг профессор-ўқитувчилар таркиби, халқ табобати бўйича мутахассислар ва тиббиёт ходимлари жалб қилинади;

Ҳудудий марказлар ходимларига тиббиёт олий таълим муассасаларида тегишли лавозимлар учун ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;

талаб юқори бўлган доривор ўсимликларни етиштириш ва тайёрлаш ҳамда халқ табобати соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш мақсадида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда тегишли тиббиёт олий таълим муассасалари ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари балансида турадиган ва Ҳудудий марказларга доимий фойдаланиш учун бериладиган 1 гектаргача бўлган майдонга эга мини-плантациялар ташкил қилинади;

Ҳудудий марказларда илғор илмий изланишлар ва тадқиқот ишлари олиб бориш учун замонавий лабораториялар ташкил этиш ҳамда уларни зарур асбоб-ускуналар, техника ва бошқа моддий-техник ресурслар билан жиҳозлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Вазирлик ва Ўзбекистон халқ табобати ассоциациясининг 2020 йил 1 майдан қуйидагиларда халқ табобати хоналарини очиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди:

туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасидаги давлат кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида ва ушбу муассасалар тиббиёт ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида 1 нафардан штат бирлигини ажратиш орқали уларни тўлдириш;

нодавлат тиббиёт ташкилотларида.

Республика маркази Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Паркент кўчаси, 51-уй манзилида жойлаштирилади.

www.interkomitet.uz