Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, тиббиёт илм-фанининг замонавий ютуқлари ва технологияларини жорий этиш, аҳоли соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Бунинг исботи сифатида, ҳозирги синовли кунларда коронавирус инфекциясини олдини олиш, умуман тиббиёт соҳасидаги мисли кўрилмаган даражадаги олиб борилаётган ишларга гувоҳи бўлиб турибмиз.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 10 апрел куни яна бир муҳим “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда аҳолига тиббий санитар ёрдам кўрсатиш, турли хил, айниқса, сурункали касалликлар профилактикасида ва уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан амалда синалган халқ табобатини ривожлантириш масаласи қарор топган.

Қарорнинг асосий мақсади, халқ табобатининг касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича самарали усулларини замонавий тиббиёт амалиётига жадал интеграциялаш, фуқаролар саломатлигини янада мустаҳкамлаш, ушбу соҳада мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш тизимини йўлга қўйишдир. Мазкур қарор билан шу йўналишда мавжуд бўлган қатор масалалар ўз ечимини топади.

Халқ табобатининг негизи бу- доривор ўсимликлардир.

Ўзбекистонда доривор ўсимликларининг 700 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, 120 га яқин ўсимлик турларидан халқ табобатида фойдаланилади. Тиббиётда қўлланиладиган дориларнинг 50 фоизга яқини ўсимлик хомашёларидан олинади.

Қарорда талаб юқори бўлган доривор ўсимликларни етиштириш ва тайёрлаш ҳамда халқ табобати соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш мақсадида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда доимий фойдаланиш учун мини-плантациялар ташкил қилиш, халқ табобатида фойдаланиладиган ўсимликларни ўстириш, хомашёлар тайёрлаш, халқ табобатида энг кўп ишлатиладиган ўсимликлар ва хомашёни ўстиришни маҳаллийлаштириш бўйича олиб бориладиган барча илмий изланишлар, тадқиқот ишлари, лабораториялар ташкил этиш, зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича харажатлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилиши белгилаб берилди.

Республикамизда доривор ўсимликларни табиатга зиён етказмасдан йиғиштириб олиш, бирламчи қайта ишлаш, қадоқлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда тупроқ-иқлим ва сув шароитлари инобатга олиниб, мини –плантациялар ташкил қилиниши айни муддао бўлади. Эндиликда, табиатида учрайдиган доривор ўсимликларни парваришлашдан ташқари, чет эллардан келтирилган ноёб турларни иқлимлаштириш, уларни кичик-кичик сой ва булоқлар атрофларида маданий ҳолда ўстиришга эътибор қаратилади.

Қолаверса, доривор ўсимликларнинг табиатда йўқолиб кетиши ва табиий захиралари камайиши бартараф этилади. Масалан, бугунги кунда ўлкамиз табиатига хос ва хориждан олиб келинган пол-пола, маккаи сано, мойчечак, тирноқгул, қалампирялпиз, арслонқулоқ, чой ўти, тоғ райҳони, бўймадарон, баргизуб, кийикўт, наъматак, қизил дўлана, қариқиз, жағжағ каби бир қанча ўсимликлар маданийлаштирилиб, парваришланмоқда. Натижада йилига 300-350 тоннадан зиёд доривор ўсимликлар тайёрлашга муваффақ бўлинаяпти.

Экспертларнинг эътироф этишича, бизнинг шароитимизда етиштирилган мева-сабзавотлар таркибида табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун зарур микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан устун туради.

Одамлар қадим замонлардан табиат неъматларидан фойдалана бошлаганидан буён доривор ўтлардан касалликларни даволашда фойдаланиб келганлар. Бундан 3-4 минг йил илгари Ҳиндистон, Хитой, Қадимий Миср мамлакатларида шифобахш ўсимликлар ҳақида маълумотлар берувчи асарлар ёзилган. Шарқда, хусусан, Ўрта Осиё халқ табобатида доривор ўсимликлардан фойдаланиб даволаш ўзининг қадимий анъаналарига эга.

Шифобахш ўсимликлардан тиббий мақсадларда фойдаланиш борасида Абу Али Ибн Синонинг “Ал-Қонун” асарида 476 га яқин ўсимликнинг шифобахш хусусиятлари ва уларни ишлатиш усуллари тўғрисида маълумотлар келтирилади.
Ибн Сино турли касалликларни даволаш учун, аввало, мева-сабзавотлар ҳамда турли гиёҳ ва ўсимликлардан фойдаланган.
Масалан, улуғ бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ўз китобларида зиранинг гижжани йўқотувчи, ичак оғриғини енгиллаштирувчи малҳам эканлиги ҳақида ёзиб қолдирган. Халқ табобатида зира сурункали меъда яллиғланиши, жигар ва буйрак касалликларини даволашда қўлланилса, замонавий тиббиётда унинг мевасидан тайёрланган гален дориси қонни тўхтатишда, оғиз бўшлиғи яллиғланиши (стоматит), гипоацид (меъда ширасининг пастлиги), гастрит, ўт йўлларини даволашда тавсия этилади.

Ҳам қувват, ҳам малҳам.

Табобатда седананинг ҳам ўз ўрни бор. У инсон иммунитетини ошириб, бир қанча касалликларни даволашда қўлланилади.
Буюк ҳаким Ибн Сино

“Седана — вужуд қувватини тузатади, касалликлардан йўқ бўлган фойдали бактерияларни тиклайди”,

дея қайд этган.

Қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати, халқ табобатини ривожлантириш марказлари ташкил қилинаётган тиббиёт олий таълим муассасалари ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари рўйхати тасдиқланди.

Қарорда халқ табобати усулларидан, шу жумладан, ўзбек халқ табобатининг тарихий анъаналари ва ўзига хос меросидан фойдаланган ҳолда касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш, шунингдек, бошқа тиббий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилган.

Шунингдек, қарор билан Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш масалалари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, бошқа халқаро ва ноҳукумат тузилмалар билан яқин ва фаол ҳамкорлик ўрнатиш, Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Вьетнам, Франция, Россия ва бошқа мамлакатларнинг халқ табобатини ривожлантириш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиш вазифалари белгилаб берилди.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши, нафақат халқ табобатини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини асраш, балки фармацевтика соҳасида кенг қўлланиладиган ноёб доривор ўсимликларни етиштириш, кўпайтириш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳамдир.

Моҳира Ходжаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.uzxalat.uz

ЖАВОБНИ ҚОЛДИНИНГ

Илтимос, шарҳингизни киритинг!
Илтимос исмингизни бу эрга киритинг