Инсон ҳаётидан қимматроқ нарса йўқ. Шу боис соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари Президентимизнинг доимий диққат марказидаги масалалардан бўлиб келмоқда. 
Собир ТУРСУНОВ,
педагогика фанлари доктори
Юксак сезги соҳиби қишлоқ табиби асли ким эди?
Тадеуш Доленга-Мостович қиссаси асосида суратга олинган “Табиб” фильмини қайта-қайта бўлса-да, барчамиз севиб томоша қиламиз. Чунки ушбу фильм реал воқеликка жуда яқин.
01.JPG
Фильмда тиббиёт профессори Рафу Вилчур тақдир ҳукми билан саёқ кимсага айланади. Бошпанасиз, ҳатто ўзининг кимлигини, исмини ҳам унутган Рафу Вилчур қоринтўярга кун кечириб юрган кезларида бир қишлоққа бориб қолади… У қишлоқ табиби Антони Косиба номи билан машҳур бўлади…
Ҳар гал ушбу кинони томоша қилаётганимда фильм сўнгидаги суд жараёнини ҳаяжон билан кўраман.
Қишлоқ табиби Антони Косиба ўғирлик, қишлоқда ноқонуний табиблик қилгани учун айбланади. Судга Варшавадан махсус таклиф этилган эксперт, Полша жарроҳлар уюшмаси раиси, профессор қишлоқ табиби Антони Косиба даволаган, операция қилган қачондир майиб бўлган, ёки қачондир касал бўлган бир неча беморни текшириб, хулоса беради. Унинг пухта текширишлари, рентген суратларига асосланиб берган хулосасига кўра, операциялар ғоят юксак, профессионал савияда, ҳеч шак-шубҳасиз чуқур анатомик билим асосида ўтказилганини тан олади ва унинг маҳоратига қойил қолади…
Эксперт нега қишлоқ табиби Антони Косибанинг билим-савиясига тан беради? Чунки мазкур табиб аслида бир пайтлари тиббиёт доктори, профессор Рафу Вилчур эди.
Хўш, фильмдан нимани хулоса қилиш мумкин? 
Ҳақиқатдан халқ табобати билан боғлиқ муносабатлар ҳуқуқий тартибга солиниши керак бўлган йўналишлардан. Шу билан бирга, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиклаш билан боғлиқ ҳар қандай фаолият юқори малакали тиббиёт мутахассислари томонидан олиб борилиши лозимлигини ҳеч ким инкор этмаса керак.
Жамиятда халқ табобати билан шуғулланиб келаётган табибларнинг аксарияти тиббий маълумот олганлиги тўғрисидаги ҳужжатга эга эмас. Чунки халқ табобати ҳозир назорат қилинмайдиган фаолият тури. Шу боис анча сердаромад “соҳа”га айланган мазкур фаолият билан билган ҳам, билмаган ҳам машғул. Тўғри, уларнинг орасида тиббиёт соҳасида ишлаб, кейинчалик халқ табобати билан шуғулланаётганлар ҳам бор. Кўплаб мамлакатларнинг амалдаги қонунчилиги тиббий маълумот тўғрисидаги дипломга эга фуқароларга табиблик билан шуғулланиш ҳуқуқини бермайди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қонун ҳужжатларида тиббий маълумот олганлиги тўғрисидаги дипломга эга шахслар халқ табобати билан шуғулланиши мумкин деган қоиданинг ўзи йўқ.
Тиббий маълумотга эга шахсларга табиблик билан шуғулланиш осон. Бироқ, тиббий маълумотсиз одамлар, ўз манфаати йўлида “хизмат қилувчи” табиблар ҳам борлиги хавфлидир. Тўғри, тиббий маълумот олганлиги тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлмаган маҳоратли табиблар ҳам учраб туради. Улар авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналар асосида халқ табобати усуллари ва доривор гиёҳлар ёрдамида даволаш ишларини олиб боряпти. Шу нуқтаи назардан, табибнинг сохта ёки ҳақиқийлигини билиш осон иш эмаслигининг боиси табибнинг ҳақиқийлиги ёки сохталигини аниқловчи мезоннинг ўзи йўқлигида дейиш мумкин.
odasrk.jpg
Хўш, юқоридаги “Табиб” фильмидан нимани хулоса қилиш мумкин? Агар қишлоқ табиби Антони Косиба асли тиббиёт билимдони бўлмаганида беморларнинг кўпчилиги омон қолмасди. Балки, асар муаллифи Тадеуш Доленга-Мостович ва киноижодкорлар «Халқ табобати тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ушбу соҳани тартибга солиш нуқтаи назаридан кечиктириб бўлмас долзарб масала деган бўлса не ажаб.
Халқ табобатида хориж тажрибаси қандай?
Шу ўринда, хориж тажрибаси ва амалиётига эътибор қаратадиган бўлсак, бир қатор мамлакатларда халқ табобати расмий соғлиқни сақлаш тизимининг ажралмас қисми саналади. Лекин баъзи мамлакатларда бу борадаги фаолият тури эътиборсиз қолмоқда.
Бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га аъзо 194 мамлакатнинг 129 тасида халқ табобати ҳуқуқий мақомга эга бўлиб, қонун доирасида тартибга солинган. Масалан, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея каби мамлакатлар бу борада мустаҳкам қонунчиликка эга.
Лечение-в-Китае-Далянь-6-1.jpg
ЖССТга аъзо давлатлар бу борада уч гуруҳга бўлинган. Хусусан:
• интеграциялашган тизим 
Бу мамлакатларда халқ табобати усуллари расман миллий соғлиқни сақлаш тизимида қўлланилишига рухсат этилади. Табибларнинг дорилари, препаратлари ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилади ва фаолияти тартибга солинади. Халқ табобати бўйича кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар олиб боришга қаратилган зарур курслар (давлат муассасаларида ҳам, хусусий даволаш муассасаларида ҳам) амалга оширилади. Хитой, Жанубий Корея, Вьетнам, Ҳиндистон, Россия Федерациясида, Арманистон ва бошқа мамлакатларда шундай тизим амал қилади;
• бирлашган тизим
Ушбу тизимдаги мамлакатлар тиббиётида халқ табобати усулларини қўллашга маълум бир чекловлар билан рухсат этилган. Яъни бу давлатларда замонавий клиникалар билан ёнма-ён халқ табобати усуллари билан даволайдиган хусусий шифохоналар ҳам ишламоқда. Кадрлар тайёрлашнинг тегишли тизими ҳам мавжуд бўлиб, фақат университет даражасида эмас. Халқ табобати соҳасида фаолият юритаётган шахслар ёки дорилар давлат томонидан тартибга солинмаган ёки қисман тартибга солинган. Бирлашган тизим амалда бўлган мамлакатлар Канада, Буюк Британия, Гвинея, Нигерия, Мали ва бошқалардир;
• толерант тизим
Бу мамлакатлар соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ замонавий медицина билан таъминланади. Халқ табобати усуллари расман тан олинмаган, бироқ уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тақиқ ҳам мавжуд эмас.
Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, Ўзбекистон қайси гуруҳга мансуб? Агар мамлакатимиз қонунчилигига назар соладиган бўлсак, учинчи – толерант тизим бизга кўпроқ мос келади. Чунки мамлакатимизда халқ табобати усуллари давлат томонидан тан олинмаган, бироқ улардан фойдаланиш бўйича қонунчиликда ҳеч қандай тақиқлар ҳам мавжуд эмас.
Ўзбекистонда табибларга ҳам эҳтиёж катта
 
maxresdefault.jpg
Орамизда даво истаб бир маротаба бўлса-да табибга мурожаат қилмаган одам топилмаса керак. Чунки баъзида кимёвий дорилардан кўра табиий гиёҳларни афзал кўрамиз. Қолаверса, табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино бобомиз қолдирган бой манбаларга ишончимиз баланд экани ҳам рост. Ибн Сино ўгитларига амал қилиб фаолият юритаётган табибларнинг муваффақиятларга эришаётгани ҳам бор гап. Бироқ, ана шундай табибларимиз замонавий тиббиёт ожизлик қилган айрим хасталиклар давосини амалда кўрсатиб берса-да, уни тан олмасликка ҳаракат қилингани халқ табобати ривожига тўсқинлик қилиб келинди. Алалоқибат, табобат илмини замонавий тиббиётга уйғунлаштириш масалаларига эътибор қаратилмади. Шу боис халқ табобати ҳали-ҳануз ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга экани кафолатланган. Малакали тиббий хизмат 1996 йил 29 августда қабул қилинган «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунда белгиланган бўлса-да, қонунда халқ табобатига алоқадор нормалар киритилмаган. Ушбу омилларнинг барчаси табибларни тиббиётнинг илғор ютуқлари билан таништиришга, уларни ўқитиш ва ўзаро тажриба алмашишларига тўсиқ бўлиб келди. Шундай шароитда ҳам мамлакатимизда табибларнинг сони 30 мингдан ошиш билан бирга, мавжуд 4253 та хусусий тиббиёт муассасасининг 516 тасида халқ табобати усуллари кенг қўлланилмоқда.
image.jpgМасаланинг иккинчи томони эса эътиборсиз қолдирилган фаолият туридан ўз манфаати йўлида фойдаланувчи сохта «табиб»ларнинг ҳам кўпайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ана шундай муаммоларга чек қўйишга, қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдиришга, мазкур йўналишда тўпланган тажрибадан унумли ва хавфсиз фойдаланишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Мазкур қарорда халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилди. Халқ табобатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Хусусан, соҳа ижобий ютуқларини замонавий тиббиётга интеграция қилиш, мазкур йўналишда етакчи маҳаллий ва чет эл тиббиёт муассасалари ҳамда соғломлаштириш амалиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик қилиш, халқ табобати мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш каби долзарб вазифалар амалга оширилиши белгиланди.
Табир жоиз бўлса, халқ табобати эгали бўлди. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда, тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган талаблар, шунингдек, хизмат кўрсатиш ҳажми ва тартибини белгиловчи ваколатли орган этиб белгиланди.
Энг муҳими, халқ табобатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Хусусан, халқ табобати соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш ва назорат қилишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларнинг ҳуқуқий мақомини ва улар томонидан кўрсатилган хизматлар оқибати учун жавобгарлиги белгиланади. Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар, уларнинг иш тажрибаси, кўрсатадиган хизмат турлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона маълумотлар базаси шакллантирилади. Кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда аҳолига тиббий хизматдан фойдаланишда онгли равишда танлаш имкониятини яратиш учун халқ табобатининг кўп йиллик кўникмалари ҳамда амалиётда тасдиқланган ижобий ютуқларини замонавий тиббиётга интеграциялаш орқали унинг салоҳиятидан кенг фойдаланилади.
Қувонарлиси, қарорда республика тиббиёт олий ўқув юртларининг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши”, “Тиббиёт-педагогика иши” бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига халқ табобати бўйича махсус ўқув циклини жорий этиш, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида халқ табобати кафедраси ва “Халқ табобати” йўналиши бўйича малака ошириш курсини ташкил этиш кўзда тутилган.
Эндиликда халқ табобати билан шуғулланувчи шахслар ва шундай хизматни кўрсатувчи тиббиёт муассасалари махсус лицензия асосида фаолиятни амалга оширади. Халқ табобати усулларини қўллаш билан шуғулланаётган мутахассис ва ташкилотлар бўйича ягона ахборот базаси яратилади. Ушбу базага лицензия асосида фаолият олиб бораётган табиблар, халқ табобати усулида иш юритаётган даволаш муассасалари ҳақидаги барча маълумотлар жойлаштириб борилади.
Хулоса ўрнида айтганда, минг йиллар давомида шаклланган ўзбек халқ табобати анъаналари жадал давом эттирилади. Бобокалонимиз ибн Сино қолдирган табобат илмига доғ тушираётган сохта “табиб”лар фаолиятига чек қўйилади. Зеро, бу ислоҳотлар замирида аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш мужассамдир.
(Мазкур мақола, 2018 йил 9 ноябрда эълон қилинган)
www.uza.uz