Бу, албатта, касалликлар профилактикаси, ташхис қўйиш ва самарали даволашда қатъий қўлланилади. Айни банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Маълумки, халқ табобати, унинг ўзига хос анъаналари аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий санитар ёрдам кўрсатиш, турли, хусусан, сурункали касалликлар профилактикаси, уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик борасида амалда кўп синовлардан ўтган. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда халқ табобатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада мазкур соҳа тараққиёти бир қадар юксалди. Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ташкил этилди. Ривожланиши учун асосий мақсад ва йўналишлар белгиланди. Аммо тан олишимиз керак, бу йўлда бари бир халқ табобатини замонавий соғлиқни сақлаш тизимига изчил интеграциялаш, ушбу йўналишда малакали мутахассислар ва бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш зарурати бари бир долзарб масалалигича қолиб келмоқда.

Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йил 10 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда айни муаммолар ечимлари учун аниқ ва тизимли вазифалар белгиланди, уларнинг ижроси, албатта, оғриқли нуқталарни, мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этилишига замин бўлади.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, “Табобат” академияси ва бошқа манфаатдор ташкилотларга ҳамкорликда “2021-2025 йилларда Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепцияси” лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилганлиги, концепцияда белгиланадиган вазифалар шубҳасиз, тизим истиқболини таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур концепция тасдиқланиб, амалга жорий этилиши соҳадаги кўплаб муаммоларни ҳал қилади. Масалан, халқ табобатининг асосий йўналишларини ўзида акс эттирган фитотерапия, акупунктура, аюрведайога, наруопатия, гомеопатия сингари йўналишларни ривожлантириш ва замонавий тиббиётда уларни қўллаш бўйича ўқув-методик қўлланмалар, адаби ётлар жуда-жуда кам. Қарорда айтилган концепциянинг қабул қилиниши, юқорида айтилган йўналишлар бўйича адабиётлар яратилиши, тарғибот ишларини кучайтирилиши ана шу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаради. Бу эса ўз навбатида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини жорий этишда жуда зарур.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, эндиликда мазкур соҳа учун малакали мутахассислар тайёрловчи Республика Халқ табобати илмий-амалий маркази ташкил этилади. Унинг ҳудудий марказларида халқ табобати бўйича мутахассисларни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган тиббий маълумотга эга бўлмаганларга тегишли йўналишларда фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади. Ҳудудий марказларда илғор илмий изланишлар ва тадқиқот ишларини олиб бориш учун барча қулайликлар, зарур моддий-техник базага эга замонавий лабораториялар ташкил этилади.

Бу имкониятларнинг барчаси мамлакатимизда халқ табобатини янада ривожлантиришга қаратилган. Халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, асраш, коронавирус сингари четдан кириб келиб, соғлигимизга хавф солиши мумкин бўлган турли хасталиклар тарқалишининг олдини олиш, бу каби хавфларга қарши зарур чора-тадбирлар самарадорлигини оширишда ушбу қарор албатта, муҳим аҳамият касб этади. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси халқимиз манфаатлари, саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади!

Умидахон ЗОКИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

www.uzlidep.uz

ЖАВОБНИ ҚОЛДИНИНГ

Илтимос, шарҳингизни киритинг!
Илтимос исмингизни бу эрга киритинг