Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Републикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор»ни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қарорга мувофиқ:

Халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилади;

Халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда (тиббий таълим маълумоти мавжудлиги талаби бундан мустасно) амалга оширилади;

Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахслар ўз фаолиятининг натижалари бўйича тиббиёт ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳажмда жавобгар ҳисобланади;

Тиббий хизмат кўрсатишга нисбатан қўйилган талаблар халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган шахсларга ҳам татбиқ этилади;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган талабларни, шунингдек, хизмат кўрсатиш ҳажми ва тартибини белгиловчи ваколатли орган ҳисобланади.

Ҳужжат билан Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантиришнинг устувор чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг:

Республика тиббиёт олий ўқув юртларининг «Даволаш иши», «Педиатрия иши», «Тиббиёт-педагогика иши» бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига халқ табобати бўйича махсус ўқув циклини жорий этиш;

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида халқ табобати кафедраси ва «Халқ табобати» йўналиши бўйича малака ошириш курсини ташкил қилиш;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

www.daryo.uz

ЖАВОБНИ ҚОЛДИНИНГ

Илтимос, шарҳингизни киритинг!
Илтимос исмингизни бу эрга киритинг